FIDIC ўзи нима ва у Ўзбекистонга керакми?!
FIDIC ўзи нима ва у Ўзбекистонга керакми?!
Ўзбекистон Адлия вазири Русланбек Давлетов шу йил 23 февраль куни Сенатнинг 4-ялпи мажлисида қилган нутқида Ўзбекистон қурилиш соҳасидаги шартномаларни FIDIC Халқаро муҳандис-консультантлар федерацияси стандартларига мувофиқ тузишга ўтиши кераклигини таъкидлади.
«O‘zbekiston bunyodkori» газетасининг 2022 йил 13 май кунги 34-сонида FIDIC ўзи нима ва у Ўзбекистонга керакми pdf файли мутолаа учун ҳавола қилинади. PDF
Халқаро ташкилотлар томонидан молиялаштириладиган лойиҳалар билан боғлиқ мутахассислар: юристлар, халқаро банклар ходимлари ҳамда муҳандислик ва консалтинг компанияларининг алоҳида вакиллари, шунингдек, лойиҳани амалга ошириш гуруҳлари ходимлари учун "FIDIC" тушунчаси кундалик иш воситаси ҳисобланади. Аммо кенг маънода "FIDIC" қисқартмаси ҳали ҳам тушунарсиз бўлиб қолаётганлигини тан олиш керак.
Мутахассислар ёрдамида FIDIC стандартлари ички муҳандислик бозоримизга ўзи аслида нима бера олиши мумкинлигини аниқлашга ҳаракат қилиб кўрамиз.
Ушбу макола Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида, “Қозоғистон ва Ўзбекистондаги муҳандислик компанияларига хизмат кўрсатувчи тармоқ уюшмаларининг салоҳиятини ошириш” (ENGINE) лойиҳаси доирасида тайёрланган бўлиб, Европа Иттифоқи нуқтаи назарини акс эттирмаслиги ҳам мумкин.
Суҳбатимизга қуйидаги экспертларни таклиф этганмиз:

Ольга Цой – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "ЎзИнжиниринг" Республика лойиҳа институтининг юридик бўлими бошлиғи, Ўзбекистон Муҳандис-консультантлар уюшмасининг юрисконсульти, FIDIC шартномалари бўйича мутахассис, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 1-тоифали юрист;
Лариса Белоусова – «BRIDGE CONSULT» МЧЖ директори. FIDIC шартномалари бўйича мутахассис (иш тажрибаси 10 йилдан ортиқ), низоларни судгача ҳал қилиш бўйича мустақил аджюдикатор (Adjudicator, DAB/DAAB), мустақил медиатор, юридик консультант, ISO стандартлари бўйича консультант;
Фируза Бобокулова – халқаро ҳуқуқ ва арбитраж бўйича, шунингдек, FIDIC шартномалари бўйича мутахассис. FIDIC шартномалари бўйича арбитраж ва Dispute Board жараёнларида арбитр ва томонларнинг ҳуқуқий маслаҳатчиси, Халқаро Савдо Палатасининг Халқаро арбитраж суди (ICC) аъзоси.
Шундай қилиб, FIDIC ўзи нима эканлигига ойдинлик киритайлик.
Хайрли кун, ҳурматли экспертлар. Суҳбатимизда иштирок этишга розилик билдирганингиз учун ташаккур. Хўш, FIDIC ҳақида нима дея оласиз?
Фируза Бобокулова: Халқаро муҳандис-консультантлар федерацияси ёки қисқача «FIDIC» (федерация номининг француз тилидаги қисқартмаси) миллий муҳандис-консультантлар уюшмаларининг бутун жаҳон вакиллик органи бўлиб, дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатидаги миллиондан ошиқ муҳандислик мутахассислари ва 40 000 га яқин фирмалар манфаатларини ифодалайди.
FIDIC одатда жаҳон қурилиш ва муҳандислик тармоғида, энг аввало, юқори қийматга эга бўлган ва кўплаб ривожланиш банклари томонидан ҳар томонлама молияланадиган халқаро қурилиш лойиҳалари учун қўлланиладиган шартномаларни стандартлаштиради.
Бундан ташқари, Федерация қурилиш ишлари, инфратузилма лойиҳалари, EPC (“тўлиқ фойдаланишга топшириш”) лойиҳалари, консалтинг хизматлари ва бошқалар учун мўлжалланган шартномаларнинг стандарт шаклларини чоп этади, шунингдек, мижозлар, консультантлар, субконсультантлар ва қўшма корхоналар учун стандарт битимларни ва улар билан бирга дастлабки малакалаш шакли, ижрони кафолатлаш шакли, қабул қилиш хати ва бошқалар каби тегишли материалларни эълон қилади, шунингдек, томонларнинг шартномалар бўйича ўзаро муносабатларини, хатарлар ва ҳақларнинг адолатли тақсимланишини ҳисобга олади.
Сўнгги бир неча йил ичида биз бутун дунё бўйлаб қурилиш саноатида сезиларли ўсишни кузатмоқдамиз. Ҳозирги вақтда лойиҳалар универсал ва ихтироларга бой бўлиб бормоқда ва бу ҳолат кўпроқ тажриба ва маҳоратни талаб қилмоқда, чунки томонлар учун хатарлар ортиб бормоқда.
Шу боис, муҳандислар, пудратчилар ва қурувчилар ўзларининг лойиҳалари учун халқаро шартномалар шаклларини расмийлаштиришга ҳаракат қилмоқдалар, чунки бундай битимларда ишларнинг аниқ ҳажми, ҳуқуқ ва мажбуриятлар, шунингдек, томонларнинг жавобгарлиги тўлиқ акс этади. Бинобарин, FIDIC шартномалари бундай лойиҳалар учун намунавий шартномалар бўлиб хизмат қилади.
FIDIC намунавий шартномалари турли-туман лойиҳалар учун ишлаб чиқилган. Улар ҳужжат муқовасининг ранги бўйича алоҳида китобларга ажратиб чиқилган бўлиб, ҳужжатда шартномаларнинг қоида ва шартлари келтирилган.
Ажойиб ... Айтганча, нима учун FIDIC китоблари бундай ранглар билан белгилаб чиқилган ва уларнинг бир-биридан фарқи нимада?
Фируза Бобокулова: Бугунги кунга қадар FIDIC шартномаларининг ёки, одат бўйича номланишига кўра, китобларининг 9 та асосий проформаси (намунавий шакли) ишлаб чиқилган.
Улар орасида энг кенг танилгани Қизил китоб бўлиб, унинг шартларига кўра Буюртмачи лойиҳалаш учун жавоб беради, Пудратчи эса қурилиш учун жавобгардир. Қизил китоб, айниқса, автомобиль йўлларини қуришда кўп ишлатилади. Ўзбекистонда инфратузилмавий лойиҳаларнинг аксарияти Қизил китобга асосан амалга оширилади.
Пушти китоб Қизил китобнинг Халқаро Тараққиёт Банки (ХТБ) томонидан уйғунлаштирилган шартларини иборат бўлиб, улар иштирокчи банклар томонидан ўз лойиҳаларида фойдаланиш учун лицензияланган. ХТБ талабларига мувофиқ Пушти китобда мажбурий аудит, коррупцияга қарши тартиб-қоидалар, экологик менежмент, соғлиқни сақлаш ва меҳнатни муҳофаза қилиш каби қўшимча қоидалар жамланган.
Сариқ китоб ҳам кенг қўлланилади, унинг шартларига кўра лойиҳалаш ва қурилиш ишлари Пудратчи томонидан амалга оширилади.
Фақат субпудратчилар учун мўлжалланган худди шундай шартлар "Қурилиш учун субпудратчилик шартлари" деб номланган китобда келтирилган. Ушбу китобнинг шартлари Қизил ёки Пушти китоб шартларига мослаштирилган, аммо, агар муҳим ўзгартишлар киритиладиган бўлса, улар Сариқ, Кумуш ва Олтин китоблардан фойдаланувчи Пудратчилар билан шартномалар тузишда ишлатилиши мумкин.
МТҚ/EPC деб номланган Кумуш китобда, яъни Муҳандислик, Таъминот ва Қурилиш (Engineering, Procurement and Construction) китобида Пудратчининг объектни «тўлиқ фойдаланишга топшириш шарти билан» қуриши назарда тутилган.
Олтин китоб – бу лойиҳалаш, қуриш ва узоқ муддат ишлатишни ўзида бирлаштирган шартномадир: ЛҚИ/ DBO, яъни Лойиҳалаш, Қуриш ва Ишлатиш (Design, Build and Operate).
Оқ китоб мижозга хизмат кўрсатиш бўйича консультант билан тузиладиган намунавий шартнома бўлиб, лойиҳани бошқариш, лойиҳанинг техник-иқтисодий асословини тайёрлаш, техник шартларни тайёрлаш тўғрисидаги шартномаларни тузиш учун мўлжалланган.
Сўнгги янгиликлар – булар ер ости қурилиш ишлари учун мўлжалланган FIDIC Сариқ китоби асосида 2019 йилда чиқарилган Зумрад китоб ва шартноманинг қисқартирилган шакли бўлмиш Яшил китоб. Ушбу Китоб мураккаб бўлмаган, қурилиш муддати 6 ойгача қисқа бўлган ва қурилиш қиймати 500 000 АҚШ долларигача бўлган, субпудратчилик ишлари кўзда тутилмаган қурилиш ва муҳандислик ишлари учун қўлланилади.
FIDIC шартномалари ёки FIDIC китоби проформалари "Умумий шартлар" ва "Махсус шартлар"дан таркиб топган: "Умумий шартлар"да шартноманинг стандарт шартлари кўрсатилади, "Махсус шартлар" эса фойдаланувчиларга "Умумий шартлар"ни муайян бир лойиҳанинг параметрлари ва хусусиятларига мослаштириш имконини беради. Шу билан бирга, "Умумий шартлар" интеллектуал мулк бўлиб, уларга ўзгартиш киритиш мумкин эмас. Агар уларни ўзгартириш зарурати туғилса, бунинг учун алоҳида ҳуқуқлар сотиб олиниши талаб этилади.
Айтганча, FIDIC проформалари ёки китоблари инглиз тилида тузилган. Уларнинг давлат тилидаги матни бўйича ҳолат қандай? Шунингдек, уларнинг русча матнлари борми?
Ольга Цой: FIDIC намунавий шартномалари инглиз тилида тузилади. Ушбу шартномаларни ҳар қандай бошқа тилга таржима қилиш жуда катта меҳнатни талаб қиладиган жараён бўлиб, у жуда кўп вақтни ва, энг муҳими, таржимоннинг катта маҳорати ва малакасини талаб қилади. Ушбу ҳужжатлар кўплаб атамаларни ўз ичига олган бўлиб, уларнинг маъноси алоҳида бир норманинг ва шартноманинг маъносига кучли таъсир кўрсатади. Таржимоннинг ўзи ҳужжатда тасвирланган жараённи жуда яхши тушуниб етиши керак. Барчамиз биламизки, бундай юксак малакали таржимонлар жуда кам, шунинг учун FIDIC шартномасининг таржимаси тилшуносларнинг юристлар, молиячилар ва техник мутахассислар билан биргаликда бажарадиган жамоавий ишидир. Шу сабабли, FIDIC намунавий шартномаларини турли тилларга таржима қилиш масаласи билан бевосита Федерациянинг ўзи шуғулланади ва баъзи FIDIC шартномаларининг расмий таржималарини FIDIC веб-сайтидан топишингиз мумкин. Фақат шуни ёдда тутиш керакки, FIDIC шартномалари ва уларнинг таржималари очиқ манбаларга жойлаштирилмаган ва маълум бир шартномани асл инглиз тилидаги ёки бошқа бир тилдаги нусхасини олиш учун сиз ушбу шартноманинг босма ёки электрон версиясини FIDIC веб-сайтининг ўзида сотиб олишингиз керак.
Алоҳида бир давлат ҳудудида тузиладиган барча шартномалар билан миқдорий таққослаганда FIDIC шартномаларининг улуши жуда оз бўлишини, матнни юксак профессионал савияда тушуниш аҳамияти эса жуда катта эканлигини ҳисобга олсак, шартномаларни аксарият мутахассислар ва, энг муҳими, инвесторлар тушунадиган тилларга таржима қилиш мақсадга мувофиқ ва бундай тиллар инглиз, француз, испан, хитой ва рус тилларидир. Бундан ташқари, фақат ўзбек тилини биладиган мутахассиснинг бозордаги имкониятлари ўта чекланган бўлиб, у рақобатбардош бўла олмайди. FIDIC ҳужжатларини ўзбек тилига таржима қилиш ҳақида гапирадиган бўлсак, таржима ҳаражатлари натижани оқламайди, чунки ҳозирги кунда ўзбекча матндан фойдаланувчи мутахассислар жуда кам.
FIDIC стандартларини Ўзбекистонда қўллаш кимга фойдали: хорижий инвестор, халқаро молия институтлари, халқаро ва маҳаллий корхоналар – буюртмачилар ва пудратчиларгами ёки биринчи навбатда давлатгами?
Фируза Бобокулова: Шуни таъкидлашни истардимки, молия институтлари ва турли мамлакатлар давлатлари ўртасида тузилган кредит шартномалари доирасида ана шу халқаро молия институтлари томонидан молиялаштириладиган инфратузилмавий, қурилиш ва бошқа турдаги лойиҳалар мавжуд. Бундай лойиҳаларда кўпинча FIDIC шартномаларининг стандартлари ва проформалари ёки бошқа стандарт шартномалар қўлланилади. Шунингдек, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларга асосланган, муайян бир лойиҳани амалга оширишга йўналтирилган инвестиция лойиҳалари ҳам мавжуд. FIDIC шартномалари проформалари бундай инвестиция лойиҳаларида қўлланилиши мумкин, фақат агарда лойиҳа мезбон мамлакатнинг муайян бир инфратузилмасига, бирор-бир объекти қурилишига тааллуқли бўлса ҳамда хорижий инвестор ва инвестицияларни қабул қилиб олаятган мамлакат ушбу лойиҳани амалга ошириш учун фақат FIDIC шартномалари проформаларини танлаб олган бўлсалар. Шу билан бирга, инвестор ва инвестицияларни қабул қилиб олаятган мамлакат ўртасидаги муносабатлар халқаро ҳуқуқ нормалари билан ва улар қўллаш учун танлаб олган ҳуқуқ нормалари билан тартибга солинади. Бинобарин, FIDIC шартномалари проформалари тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларга асосланган инвестиция лойиҳаларида ҳар доим ҳам қўлланилавермайди.
Халқаро молия институтларига келсак, FIDIC стандартларини қўллаш нафақат бундай муассасалар учун фойдали, балки улар томонидан ҳар қандай лойиҳани молиялаштиришнинг асосий шартларидан бири ҳамдир. FIDIC стандартлари каби халқаро стандартлар қўлланилган ҳоллардагина молия институтларининг ўз молиясини тақдим этиши дунё бўйлаб FIDIC стандартларини қўллашга бўлган қизиқишнинг ортишига сабаб бўлди.
Ольга Цой: FIDICнинг намунавий шартномаларининг ўзига хос жиҳати шундан иборатки, уларда хатарлар ва томонлар манфаатларининг ўзаро мувозанати сақланади. Шунингдек, улар шартномаларни тузиш тартибини соддалаштиради, чунки улар шартномани тузишда пудратчи ва буюртмачи учун намуна бўлиб хизмат қилади, бу эса шартномаолди ишларини тезлаштиради. Шуни таъкидлаш лозимки, намунавий шартномалардан фойдаланиш катта сармояларни талаб қилмайди, бу эса шартнома томонларига маблағларни тежаш имконини беради. Албатта, томонлар ўз манфаатларини ҳисобга олган ҳолда стандарт шартларга баъзи тузатишлар киритадилар, аммо шартномани ўзгартириш харажатлари, табиийки, уни нолдан яратишдан анча паст. FIDICнинг намунавий шартномалари кўплаб хорижий инвесторларга таниш ва тушунарли эканлиги фаолият жараёнида ва бизнесда томонларнинг ўзаро биргаликда ишлаш қоидаларини кутилган ва тушунарли қилади, бу эса бозоримизга янги хорижий инвесторлар ва халқаро молия институтларининг кириб келишини осонлаштиради.
FIDIC шартномалари жаҳон амалиётини ҳисобга олган ҳолда кўплаб ўн йилликлар давомида такомиллашиб келмоқда. Уларга ўзгартишлар киритиб борилади: ишламайдиган ёки адолатсиз нормалар олиб ташланади, томонларнинг манфаатлари мувозанатидан келиб чиқиб, мавжуд нормалар тузатилади ёки янги нормалар киритилади. Ҳар йили ушбу шартномаларни қўллаш амалиёти ва тажрибаси тўплаб борилади ва таҳлил қилинади.
Юқорида айтилганларнинг барчасини ҳисобга олганда FIDIC намунавий шартномаларидан фойдаланиш мутлақо ҳамма учун: хорижий инвестор, маҳаллий корхоналар, буюртмачи, пудратчи ва субпудратчи учун фойдалидир. Аммо, энг аввало, лойиҳани амалга ошираётган давлат учун ва лойиҳа маҳсулотидан фойдаланадиган сўнгги истеъмолчи учун фойдалидир. Ахир, FIDIC – бу лойиҳани яратиш ва амалга оширишда барча омиллар: молиядан тортиб технологиягача, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишдан тортиб яратилаётган маҳсулотнинг хавфсизлик стандартларигача бўлган омиллар ҳисобга олинганлигининг кафолатидир. Бундан ташқари, FIDICнинг амалга ошириш процедураси ва механизмлари хатарлар ва харажатларни олдан кўра билиш, уларнинг олдини олиш ёки уларни минималлаштириш, барқарор ва сифатли ишлаб чиқариш жараёнини йўлга қўйиш имконини беради. Буларнинг барчаси биз учун, яъни сўнгги истеъмолчилар ва давлат фуқаролари учун жуда муҳимдир, зеро солиқларимизнинг бир қисми ана шундай лойиҳаларни молиялашга сарфланади.
Яна бир муҳим савол: FIDIC стандартлари бизнинг қонунчилигимизга зид эмасми, номувофиқликлар йўқми? Ва қурилиш соҳасидаги миллий норматив-техник базани FIDIC стандартларига мослаштириш ёки уларга мувофиқ равишда ўзгартириш керак эмасми?
Ольга Цой: FIDIC бизнинг қонунчилигимизга зид, деган фикр кўпинча у билан ишлашни энди бошлаган мутахассисларда пайдо бўлади.
Бизнинг ҳуқуқий тизимимиз роман-герман оиласига тегишли, FIDIC эса инглиз-саксон оиласидан (умумий ҳуқуқдан) ўсиб униб чиққан.
Инглиз-саксон ҳуқуқи кодлаштирилмаган, шунинг учун томонлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солишнинг асосий манбаи шартнома ҳисобланади. Континентал ҳуқуқ мамлакатлари учун эса, шу жумладан Ўзбекистон учун томонлар ўртасидаги муносабатлар, биринчи навбатда, қонунчилик билан белгиланади.
Ушбу фарқ намунавий шартномалар қоидалари билан маҳаллий ҳуқуқ нормалари ўртасида зиддиятларга олиб келиши мумкин. Шунинг учун, FIDIC шартномалари проформаларидан фойдаланганда уларни маҳаллий қонунчилик нормаларига мослаштириш зарур.
FIDIC ва маҳаллий қонунчилик ўртасидаги зиддиятлар шартномани тузиш, уни мослаштириш ёки ижро этиш жараёнида хатоларга йўл қўйилганда пайдо бўлади.
Ҳар бир муайян лойиҳада буюртмачи ва пудратчи ўртасида юзага келадиган муносабатларнинг турли-туманлигини ҳисобга олган ҳолда, шунингдек, лойиҳа амалга оширилажак ҳар бир давлат қонунчилигининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда, FIDIC аввал бошдан шартнома проформаси ва маҳаллий қонунчилик ўртасидаги зиддиятларнинг олдини олиш механизмини киритиб қўйган. Бундай механизм сифатида Махсус шартлар хизмат қилади ва улар ёрдамида маҳаллий қонунчиликка зид келмаслиги учун Умумий шартларга ўзгартишлар киритилади.
Фируза Бобокулова: Амалдаги қонун ва FIDIC шартномаси ўртасидаги ҳар қандай зиддиятга қарамай, улар ҳар доим бир бутунликни ташкил этишини унутмаслик керак. FIDIC шартномасида назарда тутилмаган ҳодисалар содир бўлган ҳолларда шартномада амалдаги қонунчиликка мурожаат қилиш шарти белгилаб қўйилиши керак. Бундан ташқари, агар шартнома қоидаларини талқин қилиш зарурати туғилиб қолса, ана шундай қоидаларни ўз ичига олган амалдаги қонун ҳужжатларига мурожаат қилиш керак. Баъзи қоидаларнинг ҳақиқийлиги ёки қўлланилиши, масалан: жавобгарликни чеклаш тўғрисидаги қоидалар, даъво муддатининг тугаши тўғрисидаги қоидалар ва бошқалар амалдаги қонун ҳужжатлари билан белгиланади. Худди шундай қоида кечиккан тўловлар бўйича фоизлар учун ҳам қўлланилади. Бундан ташқари, амалдаги ҳуқуқ FIDIC шартномаси бузилганда шу шартнома ва унинг шартларининг ҳақиқийлиги ва қўллана олинишини, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда ҳуқуқий ҳимоя воситаларини белгилаб беради. Шунингдек, амалдаги қонунчилик FIDIC шартномасининг тўғридан-тўғри ифодаланган шартларини тўлдирувчи шартларни ўз ичига олиши мумкин.
FIDIC стандартларига ўтиш лойиҳани амалга оширишнинг асосий якуний натижаларини: қурилиш объектларини ўз вақтида якунлаш ва уларни топшириш, бу ишларни лойиҳа бюджети доирасида бажаришни сифат жиҳатидан яхши томонга ўзгартиришга имкон берадими?
Лариса Белоусова: Қурилишнинг ҳар қандай тури, табиатига кўра, лойиҳа фаолиятидир, яъни бу фаолиятдан мақсад баҳоланиши мумкин бўлган ва маълум вақт оралиғида маълум ресурслардан фойдаланган ҳолда олиниши керак бўлган маҳсулотдир. Лойиҳани бошқариш назарияларида маҳсулот сифатини белгилайдиган "лойиҳа учбурчаги" деб аталадиган тушунча бор: бу - лойиҳани амалга ошириш учун талаб этиладиган иш ҳажми, вақт ва ресурслар ўртасидаги ўзаро боғлиқлик.
Шу учбурчак томонлари ўртасидаги ҳар қандай дисбаланс ё маҳсулот сифатига таъсир қилади, ёки лойиҳани амалга ошириш муддатини узайтиради ва, оқибатда, лойиҳани амалга ошириш харажатларини ошириб юборади, ёки аксинча, харажатларнинг ошиши муддатни узайтиради.
Қурилиш лойиҳаларининг энг долзарб муаммоларидан бири бу қурилиш шартномалари томонларининг манфаат ва мажбуриятлари ўртасидаги мувозанатга риоя қилмаслик оқибатлари бўлиб, бу лойиҳаларни амалга оширишда кечикишларга олиб келади, бу эса, ўз навбатида, харажатлар қийматини оширади, баъзан эса лойиҳанинг тўлиқ ёпилишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Жаҳон амалиётида қурилиш лойиҳалари иштирокчилари муносабатларнинг шериклик моделига асосланган стандартлар ва намунавий шартнома шаклларидан фойдаланишни афзал кўрадилар. Шу билан бирга, улар орасида энг кенг тарқалгани FIDIC стандартлари ва шартнома проформаларидир, чунки FIDICнинг ҳар қандай шартнома проформаси қурилиш лойиҳасининг асосий вазифасини – маълум бир сифатга эга объектни маълум бир вақт ичида маълум ресурслар эвазига қуриш вазифасини ҳал қилиб беради.
Шунингдек, FIDIC шартнома проформаларининг муҳим хусусиятларидан яна бири шуки, уларда низоларни судгача ҳал қилиш / низоларнинг олдини олиш бўйича алоҳида тартиб-қоидалар (DAB/DAAB) бор.
Соҳа мутахассислари ҳамжамиятининг узоқ йиллик тажрибаси FIDIC воситалари лойиҳанинг фаол ривожланишини таъминловчи энг самарали қурол эканлигини кўрсатди, чунки мутахассисларнинг, нафақат юристлар, балки муҳандисларнинг ҳам лойиҳаларни бошқариш ва низоларни ҳал қилиш бўйича тажрибалари муаммоларни зудлик билан ва адолатли ҳал қилиш имконини беради.
Юқорида келтирилган шартлар FIDICнинг "Олтин тамойиллар"ига (2019 йилдаги биринчи нашри) асос қилиб киритилган бўлиб, улар шартноманинг FIDIC шартнома проформасига мувофиқлигини тўғри аниқлаб олиш учун яратилган.
Хусусан, Олтин тамойиллар асосида қуйидаги муҳим жиҳатлар кўрсатилади:
« - Буюртмачи энг яхши нарх ва сифат нисбатини олади…
- Шартнома шартлари ҳар иккала аҳдлашувчи томон учун кенг қамровли ва адолатли бўлиши керак…
- Иложи борича низоларнинг олди олиниши, улар пайдо бўлганда эса улар минималлаштирилиши ва самарали ҳал этилиши керак...»
Сизнингча, FIDIC стандартларини қайси лойиҳаларга қўллаш мақсадга мувофиқ? Инфратузилмавий лойиҳаларми (масалан, автомобиль йўллари, электр узатиш линиялари) ёки янги саноат тармоқларини яратишми, эҳтимол, уй-жой, ижтимоий ва маданий объектларни қуришми? Бу масала лойиҳани молиялаштириш манбаларига боғлиқми? Илтимос, мисоллар келтирсангиз.
Лариса Белоусова: Аввал айтиб ўтганимиздек, инфратузилмани қуриш лойиҳаларида, хоҳ йўлларни қўриш бўлсин, хоҳ электр узатиш линияларини қуриш бўлсин, харид шартларини молиялаштирувчи томон белгилайди, шу боис халқаро молия институтлари томонидан молиялаштириладиган деярли барча лойиҳаларда қурилиш шартномаларининг халқаро проформаларидан фойдаланилади.
FIDIC проформалари, фикримча, қурилиш лойиҳаларини бошқариш ва юритиш бўйича жуда унумли амалий қўлланма ҳисобланади, шу сабаб уларни деярли ҳар қандай қурилиш лойиҳасида ишлатиш мумкин. Зеро, FIDIC шартномаларининг тузилиши лойиҳа иштирокчилари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик қилиш тизимини белгилаб беради ва ана шу ҳамкорликни шундай тартибга соладики, хатарлар минималлаштирилади ва юз берган ўзгаришларга нисбатан самарали жавоб ҳаракатлари амалга оширилади.
Ҳамкасбларим юқорида таъкидлаганларидек, проформаларни Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига ҳам мослаштириш мумкин. Масалан, маҳаллий қонунчиликда FIDIC талқинидаги "Муҳандис" (Engineer) таърифи йўқ. Ҳамма учун тушунарли таъриф сифатида “лойиҳа раҳбари”ни олиш мумкин ва унинг вазифалари инжиниринг соҳасидаги консалтинг компаниясига аутсорсингга топширилиши мумкин.
Низоларни судгача ҳал қилиш ёки учинчи томон воситачилигида низоларнинг олдини олиш (Adjudicator, DAB/DAAB) масаласига келсак, ушбу механизмларни қўллаш муайян ўрганиш ва ёндашувларни тақозо этади. Шахсий тажрибамга асосланиб шуни айтишим мумкинки, ушбу процедура хусусий лойиҳалар учун умуман олганда мос келади. Аммо давлат лойиҳалари учун ушбу механизмларни фақат лойиҳанинг учинчи томон қарори шартноманинг муҳим шартларидаги ўзгаришларга, масалан, шартнома қийматининг ўзгаришига тааллуқли бўлмаган қисмидагина қўллаш мумкин.
Шунга қарамай, Ўзбекистонда низоларни судгача ҳал қилиш механизмлари аллақачон фаол қўлланилмоқда, аммо баъзи ҳолларда томонлар ушбу масалага расмиятчилик билан ёндашмоқдалар ва бу лавозимга унчалик тайёр бўлмаган консультантларни тайинлаш ҳолатлари учраб турибди. 2021 йилда, мен Аджюдикаторлар (Adjudicator) малакасини ошириш мақсадида Халқаро муҳандис-консультантлар федерацияси томонидан ўтказилган FIDIC Module 3 «Understanding DAB’s» курсини ўтаётганимда яна бир бор шунга амин бўлдимки, фақат мунтазам машғулотлар билан бирлаштирилган амалиётгина сизга кенг ўйлаш имконини беради, яъни нафақат муаммони аниқлаш ва унинг тўғри ва адолатли ечимини топиш, балки унинг олдини олиш қобилиятини ҳам пайдо қилади.
FIDIC шартномаларидан фойдаланишнинг афзалликлари тўғрисида гапирадиган бўлсак, мен қурилиш лойиҳасидаги шартноманинг энг заиф томонларидан бири субпудратчи эканлигига алоҳида урғу бермоқчиман. Масалан, агар субпудрат шартномасида ҳужжат айланмаси бўйича, иш ҳажми ва сифатини баҳолаш бўйича аниқ шартлар бўлмаса, субпудратчи учун ишни қабул қилиш фактини исботлаш анча мушкул. Иш ҳажми қабулини тасдиқлашнинг кечикиши молиявий оқимларнинг кечикишига олиб келади, бу эса, ўз навбатида, иш жараёнининг тўхтатиб туришига, баъзан эса ишнинг бутунлай тўхтаб қолишига сабаб бўлади. Вазиятнинг бундай ривожланиши Пудратчи томонидан Субпудратчига нисбатан жазо чораларининг қўлланилишига олиб келади.
Субпудратчи компаниялар учун FIDIC проформаларининг фойдаларини кўрсатиш учун FIDICнинг "Олтин тамойиллари"нинг энг муҳим жиҳатларидан бирига мурожаат қилайлик (Биринчи нашр, 2019 йил):
«- Пудратчи / субпудратчи ўзининг пул оқимини сақлаб туриши учун шартномага мувофиқ бажарган ишига мос тўловни ўз вақтида олиши керак».
Шу боис, субпудратчилар учун FIDIC проформларини қўллаш, айниқса FIDIC проформаси "Бош" шартнома бўлган лойиҳаларда қўллаш жуда фойдалидир, чунки FIDIC рангсиз китобининг "Субпудрат ишлари тўғрисидаги шартнома шартлари"ни қўллаш билан субпудратчининг лойиҳа жараёнларига интеграциялашуви ва, энг муҳими, ишларни қабул қилиб олиш фактининг шаффофлиги ва бунинг натижасида тўловларнинг ўз вақтида олиниши таъминланади.
Бундан ташқари, FIDIC проформалари, юқорида айтиб ўтганимдек, лойиҳаларни бошқариш ва юритишнинг структуравий шакллари бўлиб, улар жаҳон муҳандис-консультантлар ҳамжамиятининг тўпланган кўп асрлик тажрибасига асослангандир. Шунинг учун, қурилиш соҳасида ушбу китоблар қурилиш лойиҳасини самарали бошқариш учун жуда қулай қурол бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Қайси мутахассислар FIDIC проформалари ҳақида ҳеч бўлмаганда умумий тушунчага эга бўлишлари керак? Бу фақат юристлар учун зарурми ёки бу билимлар лойиҳаловчи муҳандислар учун ёки, айтайлик, қурувчилар учун ҳам керакми?
Ольга Цой: Аввало, FIDIC стандартлари ва процедураларини тушуниш лойиҳани бошқариш билан шуғулланадиган, уни амалга оширишнинг асосий нуқталарини кўрадиган ва бошқарадиган мутахассислар учун зарурдир. Ва, албатта, барча босқичларда: тендер ҳужжатларини тайёрлашдан тортиб то тайёр объектни топширишгача бўлган барча босқичларда иштирок этадиган, тегишли низоларни ҳал қилиш жараёнида лойиҳа иштирокчилари манфаатларини ҳимоя қилишда, бу хоҳ низоларни ҳал қилиш кенгашида бўлсин, хоҳ арбитражда бўлсин, қатнашадиган юристлар учун айни муддао.
Кўпинча "FIDIC қўлланилиши" ва "муҳандис" ёки "лойиҳаловчи муҳандис" тушунчалари ўртасидаги алоқага оид бир масала туғилади. Гап шундаки, FIDIC контекстидаги "муҳандис" мутлақо биз биладиган муҳандис эмас. "Муҳандис" ва "лойиҳаловчи" бу бизнинг тушунчамизда ҳисоб-китоблар, лойиҳа ҳужжатлари, чизмалар ва режалар, смета ва схемаларни ишлаб чиқиш билан шуғулланадиган, алоҳида бир ишлаб чиқариш жараёнида муҳандислик ечимларини топадиган мутахассисдир. FIDICда эса "муҳандис", юқорида ҳамкасбим таъкидлаганидек, буюртмачи ва пудратчи ўртасидаги муносабатларни мувофиқлаштирадиган мутахассис бўлиб, лойиҳанинг тасдиқланган дастурга мувофиқ, техник, молиявий ва маъмурий бузилишларсиз амалга оширилишини назорат қилади. У ҳам лойиҳани бошқариш бўйича, ҳам лойиҳанинг техник ижроси бўйича билим ва тажрибага эга бўлган шахсдир. У томонларнинг манфаатлари мувозанатини ушлаб турган ҳолда лойиҳанинг лозим даражада ва сифатли бажарилишини таъминлайдиган, лойиҳани амалга оширишнинг барча масалалари бўйича томонларга тўғри маслаҳатлар берадиган арбобдир. Қонунчилигимиз ва амалиётимизда бунга ўхшаш мутахассис ҳозирча йўқ.
Агар FIDIC проформалари муҳим восита бўлса, у ҳолда нима деб ўйлайсиз: талабаларни FIDIC тушунчалари билан таништириш учун баъзи университетларда, масалан, ҳуқуқ, техника ёки молия институтларида камида битта ўқув курсини жорий этиш мақсадга мувофиқ эмасми?
Лариса Белоусова: Ўзбекистон Муҳандис-консультантлар уюшмаси аллақачон FIDIC президенти рўйхатига кирадиган тренерларни жалб қилган ҳолда тренинглар ўтказиш билан шуғулланишни бошлаган. Бу ишга баҳо бериш учун шуни айтиш жоизки, ушбу тренингларга нафақат Ўзбекистондан, балки қўшни давлатлардан ҳам тингловчилар келиб қатнашишмоқда.
Ушбу фанни мамлакат университетлари дастурларига киритиш масаласига келсак, давлат таълим секторидаги пешқадамлардан бири бўлган Тошкент Давлат юридик университети Халқаро ҳуқуқ курсини бошлашни режалаштирмоқда. Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетининг магистратура дастурида қурилиш ҳуқуқи ўқитилади ва бу таълим дастури ҳам FIDIC шартномалари проформаларини ўрганишни ўз ичига олади.
Албатта, агар FIDIC бўйича бир неча маърузалар молиявий-иқтисодий ҳамда техник университетларнинг ўқув дастурларига киритилганда эди, бу бўлғуси мутахассисларга ҳеч бўлмаганда FIDIC ҳақида умумий тасаввурга эга бўлишларига имкон берган бўлур эди.
FIDIC сертификати маҳаллий мутахассисга қандай афзалликлар беради?
Лариса Белоусова: Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, деярли барча инфратузилма ва қурилиш лойиҳаларида стандарт шартнома проформалари, айниқса FIDIC проформалари қўлланилади.
Мен Ўзбекистонда бир неча лойиҳаларда ишлаганман ва ўша лойиҳаларда маҳаллий ходимларни камида 80% миқдорида жалб қилиш кўзда тутилган эди. Кўриниб турибдики, молия институтлари қурилиш соҳасида маҳаллий меҳнат бозорининг ривожланишини рағбатлантирмоқда.
Бундан 10 йил олдин Ўзбекистонда FIDICни биладиганларни бир қўлнинг бармоқлари билан санаса бўлар эди. Ҳозир эса малакали мутахассислар кўпайиб бормоқда. FIDIC йўналишлари бўйича касбий сертификатлаш учун ҳам асосий мезон тажриба ҳисобланади. Ва ҳозирда баъзи мутахассисларимиз ва компанияларимиз аллақачон халқаро бозорга чиқишга имкон берадиган малака даражасига етишишган.
Шундай қилиб, FIDICнинг у ёки бу воситалари билан ишлаш қобилиятига эга мутахассисларнинг асосий афзаллиги бу халқаро бозорга чиқишга имкон берадиган халқаро касбий малакадир. Шунингдек, тажрибали FIDIC фойдаланувчилари лойиҳаларни бошқариш кўникмаларини орттирадилар ва бу кўникмаларини улар кичик ҳажмдаги қурилишларда ҳам қўллашлари мумкин ва бу улар учун аслида катта ютуқдир.
Бироқ, мен FIDIC фанини билиш инфратузилмавий қурилиш лойиҳаларини бошловчи ёки назорат қилувчи давлат сектори учун алоҳида аҳамиятга эга, деб айтган бўлар эдим. Кўпинча, профессионал тайёргарликка эга бўлмаган Буюртмачи FIDIC қоидалари тўғрисида бутунлай нотўғри фикрга эга бўлади ва хатарларнинг аксарият қисмини пудратчининг зиммасига юклашга ҳаракат қилади, натижада эса бу ҳолат кечикишларга, баъзан эса лойиҳани амалга оширишда ўта жиддий муаммоларга олиб келади.
Бундан ташқари, давлат Буюртмачиси учун ўзгаришларга ўз вақтида жавоб бериш долзарб масала ҳисобланади, чунки, ҳеч кимга сир эмаски, баъзида лойиҳавий ўзгаришлар жуда кўп миқдордаги бюрократик процедуралардан ўтади ва бу ҳам лойиҳани амалга оширишга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Аммо шуни таъкидлаш керакки, сўнгги йилларда республика қонунчилигида бюрократик процедураларнинг аксарияти сезиларли даражада қисқартирилди ва, ҳатто, бекор қилинди ва натижада бу, шубҳасиз, лойиҳалар ва инвестициялар сонининг кўпайишига ижобий таъсир кўрсатди.
Шу сабаб, FIDIC мутахассислари учун иш ҳажми сезиларли даражада ортди, деб айтишимиз мумкин.
Ўзбекистонда FIDIC бўйича касбий аккредитациядан ўтган ўқитувчилар борми?
Ольга Цой: FIDIC курсларини ўтказиш ва тегишли сертификатлар бериш учун курсларни FIDIC томонидан аккредитациядан ўтказилган тренерлар ўтказиши керак.
Бундай тренингларни бевосита FIDIC Федерациясининг ўзи ҳам, жумладан, онлайн тарзда, Ўзбекистон Муҳандис-консультантлар уюшмаси ҳам ўтказади. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, FIDIC Федерациясининг битта тренингининг қиймати бир иштирокчи учун, масалан, модуль 0 бўйича 1 600 евро, модуль 2 бўйича 1 800 евро, модуль 3 бўйича 2 300 еврони ташкил этади. Минтақавий чегирмалар ва ташкилий харажатларнинг оптималлаштирилиши туфайли Уюшмада ўқитиш қиймати анча паст бўлиб, бу Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё минтақаси мутахассислари учун ўқитишни анча ҳамёнбоп қилади. Мисол учун, июнь ойида Ўзбекистон Муҳандис-консультантлар уюшмаси нафақат FIDIC томонидан аккредитациядан ўтган, балки FIDIC президентининг аджюдикаторлар рўйхатига киритилган тренерларни жалб қилган ҳолда модуль 2 ва модуль 3 бўйича тренинглар ўтказишни режалаштирмоқда. Бир иштирокчи учун иккита тренингнинг умумий қиймати тахминан 500 - 600 еврони ташкил қилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Муҳандис-консультантлар уюшмаси Ўзбекистон ҳудудида FIDIC тренингларини ташкил этиш хизматларининг ягона етказиб берувчиси бўлиб, Ўзбекистон Молия вазирлиги томонидан ягона етказиб берувчиларнинг расмий реестрига киритилган. Ушбу мақом барча корпоратив ва бюджет буюртмачиларига, нархлардан қатъи назар, Уюшма билан тўғридан-тўғри шартномалар тузиш имконини беради.
Ҳурматли экспертлар! Саволларимизга атрофлича ва батафсил жавоб берганингиз учун Сизларга катта миннатдорчилик билдираман. Ўқувчиларимиздан келиб тушадиган саволларни ҳисобга олган ҳолда яқин келажакда Сизлар билан яна бир бор суҳбат ўтказамиз, деган умиддамиз.
Мақола
Ўзбекистон Муҳандис-консультантлар
уюшмаси PR мутахассиси
Гулноза АЛИМОВА тайёрлади.